Maqolalar


“Ҳизбут-таҳрир” оқимининг бузуқ эътиқодига раддия.


“Ҳизбут-таҳрир” оқимининг бузуқ эътиқодига раддия.

«Ҳизб» аъзоларидан талаб қилинадиган биринчи шарт — қасам ичиш ҳисобланади. «Ҳизб» раҳнамолари томонидан ишлаб чиқилган бу айёрона ҳийладан кўзланган асосий мақсад аъзоларнинг партиядан чиқиб кетишига имкон қолдирмасликдир. Қасамни, аслида, фақат яхшилик ва эзгу ишларни қилиш ёки ёмон, қабиҳ амалларни қилмаслик учун ичилади. Қасамида содиқ туриш мусулмон кишининг энг яхши сифатларидандир. Аммо инсон баъзида хато ўйлаб, афзал нарса қолиб, ундан бошқа иш учун қасам ичган бўлиши мумкин. Шунингдек, ичган қасамида туриш унинг ўзига, аҳлига, бошқаларга зиён келтираётгани маълум бўли¬ши мумкин. Аллоҳ таоло қасам ҳақида: «Эзгу иш қилишингиз, тақвода бўлишингиз ва одамлар ўртасини ислоҳ этишингиз борасидаги қасамларингиз учун Аллоҳ (номи)ни кўндаланг қилавермангиз! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир» (Бақара, 224) деган. Яна Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ушбу оят тафсирида қуйидаги ривоят келган: «Яхшилик қилмаслик учун зинҳор қасамингни баҳона килмагин. Лекин қасаминг учун каффорат бергин-да, яхшиликни бажаргин». Ислом таълимоти бўйича зарурат тақозо қилмагунича қасам ичишдан сақланишга буюрилади. Хайрли ва савобли ишларни қилмасликка ичилган қасамни бузиб, каффоратини бериш тавсия этилади. Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳи) шундай дейди: «Бундай ҳолда қасамда маҳкам туриш гуноҳи каффорат тўлаш эвазига қасамини бузишдан оғирроқ бўлади. Худди Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисида ворид бўлганидек: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Аллоҳга қасамки, бирортангизнинг ўз аҳли-оиласига зиён келтирувчи қасамида саркашлик қилиб туриб олиши бунинг ўрнига Аллоҳ унга фарз қилган каффоратни бермоҳидан кўра Аллоҳ ҳузурида ўзи учун қаттиқроқ гуноҳдир» (Муслим ривояти). Партия аъзоларининг қасамида маҳкам туриб олишига асосий сабаб диний илмлардан бехабарлиги ёки бир қобиқ ичида илм ўрганишларидир. Натижада, улар партия ғояларининг нотўғри эканини билган тақдирларида ҳам ундан воз кеча олмайдилар, Бунинг сабаби «ҳизб»чи бўлган шахс қасам ва унииг шартларини билмаслигидир. Қасамга амал қилишга тарғиб қилган «Ҳизбут-таҳрир» раҳбарлари унинг ҳукмлари хусусида келган далилларни беркитадилар. Аслида эса инсон ичган қасами яхши иш учун эмаслигини билса, ундан воз кечиши шаръий жиҳатдан афзаллигини юкорида келтириб ўтдик.



“Зарафшон” жоме масжиди имом хатиби Комилжон Шодмонов.