Maqolalar


Мустаҳкам оила, миллат қадди.


Мустаҳкам оила, миллат қадди.

Аллоҳ таоло одамлар орасида никоҳни ҳалол этди ва талоқни эса Ўзи ҳалол қилган нарсалар ичида энг ёмон кўрганим деб эълон қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса “Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир”, деганлар. Оилалар, юртнинг келажак саодатини таъминловчи муқаддас қўрғондир. Эркак ва аёл дунёнинг устунларидир, улар Аллоҳ таоло қўшган муқаддас йўлдош. Яратган Зот бандаларига атаган неъматларини эркаг-у аёлга тақсимлаб қўйди. Бирида бор имконият бошқасида йўқ. Шуни англаб етган жуфтлар эса бир-биридан зерикмай умргузаронлик қилиб борадилар. Дунёнинг сифати оилалар сифатига боғлиқдир. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг, 38-оятида шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар юбордик ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар ато қилганмиз”. Аллоҳ таоло бу билан оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча набий алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини баён қилмоқда. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй ёшлар жамоаси, ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, деганларини эшитдим”.(Бешовлари ривоят қилишган). Бу ҳадиси шарифнинг маъносида қодир бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозимлиги, агар никоҳга бирор жиҳатдан қодир бўлмаса рўза тутиб юришлик кераклиги айтилмоқда. Чунки рўза инсон шаҳватини босувчи ва зино қилиш хавфидан сақловчи воситадир.Халқимиз никоҳ ақдини муқаддас билиб, усиз оила қуриш ва насл қолдиришни тасаввур ҳам қилолмайди, ҳамда оилани бошқариш ва фарзандлар тарбияси ишида бошқаларга намуна бўлиб келганлар. Нима учун никоҳ ҳақида кўп гапирилади? Бунинг сабаби шуки, оилавий масалалар ислоҳ қилинмаса, оилавий ажримлар, тирик етим болалар сони камайиш ўрнига кўпайиб вазият яхшиликка қараб кетмайди. Бугунги кунда, ажралишга сабаб бўлаётган оилавий низолар ва фарзанд тарбисидаги ҳатоликларга қарши курашиш олдимиздаги муҳим вазифа бўлиб турибди. Оилада эркакнинг масъулияти алоҳида қайд қилинган. Аллоҳ таоло эркак кишини руҳий ва жисмоний жиҳатлари билан аёлдан фарқли ўлароқ уни оила раҳбари бўлишга мос ҳолда яратган. Оила қуриш ва уни нафақа билан таъминлаш, осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркакнинг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш вазифасини юклаб, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга буюриши билан бирга бундай оилаларнинг бахтли бўлишларига ҳам йўл кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: Яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб- Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси 34-оят). Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар: Яъни: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти). Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлиги лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар: Яъни: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).Мутахассисларнинг фикрича, баъзи аёллар жуда ҳам сабрли ва босиқ бўлади. Улар бу феъллари билан эр-хотин ўртасида бўладиган муаммоларга осон ва чиройли ечим топа оладилар. Баъзи аёллар эса сабрсиз бўлиб, ҳаётдаги оддий нарсаларни ҳам катта муаммога айлантиради. Бора-бора бу муаммолар эр-хотин ажрашиши билан якун топади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дўзахийларнинг аксари аёллар бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида бунинг сабаби улар эрларига кўп ношукрлик қилишлари, доим эрларидан шикоят қилишлари эканини баён қилганлар. Шундай экан бу ишда эҳтиёткор бўлиш лозим, зеро, бу ишнинг оқибати дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик билан тугамайди. Аллоҳ таоло солиҳа аёллар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий солиҳа аёллар Аллоҳ ва Расулига итоатли, эрлари йўқлигида ҳам Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси ила сақлаш керак бўлган нарсаларни сақлайдилар” (Нисо сураси, 34-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам солиҳа аёллар ҳақида шундай деганлар: “Энг яхши аёл – қарасанг сени хурсанд қиладиган, буюрсанг сенга итоат қиладиган, йўқлигингда иффати ва молу мулкингни сақлайдиган аёл” – деганлар (“Саҳиҳул жомеъ” (3299)). Баъзи аёллар эри билан қаттиқ тортишиб, айтишмагунича унинг айтганини қилмайди. Бу тарзда эр билан бахтли бўлиш мумкин эмас. Чунки тортишиш қалбларни бир-биридан узоқлаштиради. Бу ҳолатнинг давом этавериши бир-биридан нафратланишга олиб боради. Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, эзгу урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини унутмаслигимиз керак. Оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, авлодлар тарбияси гўзал бўлишида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари, аҳли аёлларига қанчалик шафқатли, меҳрибон чиройли хулқли ва раҳмли бўлганларидан ибрат ва намуна олишимиз кераклигини унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзи рози бўладиган яхши амалларни қилишда, оилаларимиз мустаҳкам бўлиши, фарзандларимиз камол топишлари йўлида айтилган гўзал панд-насиҳатларни тинглаб, унга амал қилишда Ўзи мадад берсин!



Зарафшон шахри бош имом хатиби Комилжон Шодмонов.