Maqolalar


Ота – онага яхшилик қилиш жаннат калитларидандир.


Ота – онага яхшилик қилиш жаннат калитларидандир.

Ота ва она - уларнинг раъйларига эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Онадек муҳтарам зот қаршисида ҳамма бош эгади. Улар бизнинг бу дунёдаги жаннатларимиздир. Ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилади. Ота эса ўз оиласи тинчлиги, фаровонлиги учун жонини тиккан, ўғил-қизларининг ахлоқ-одоблари учун масъул, уларни тўғри йўлга солиб турувчи,қариндошларга силаи раҳм қилгувчи фидойи инсондир. Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади: “Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” (8-оят). Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди”. (Исро сураси,23-оят). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: - “Ота – оналарга яхшилик қилинглар,шунда болаларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади” – дедилар. (Табароний ривояти). Бир донишманд: “Ота – онага яхшилик қилиш дегани “Кеча мен қарадим, бугун сен қара” деб навбат тузиб олиш эмас, балки уларга яхшилик қилиш жаннат эшиги олдида “Мен аввал кираман, мен аввал кираман” деб шошилишдир” , - деган экан. Динимизда ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда бирорта таълимот ота-онанинг ҳурматини Исломчалик юқори қўймаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фарзанд отасининг ҳақини ҳеч қанақасига узолмайди. Фақат уни қулликка тушган ҳолда топса ва сотиб олиб озод қилсагина, унинг ҳақини узган бўлади”; “Ота-онага эҳсон бермоқ ва иззат – икром қилмоқ намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, умра-ҳажга бориш ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан афзалдир”; “Кимки ота-онасини мамнун этган ҳолда эрта билан ўрнидан турса, уларга жаннатнинг икки эшиги очилади. Кимки ота-онасини мамнун қилган ҳолда кечга кирса ҳам, шундай бўлади. Агар бирини мамнун этса, жаннатнинг бир эшиги очилади, Асло ота-онага қарши борманг, зулм ўтказган бўлсалар ҳам, ўтказмаган бўлсалар ҳам”; “Кимки ота-онасини ранжитган ҳолда тонг оттирса, унга жаҳаннамнинг икки эшиги очилади. Кимки ота-онасини ранжитган ҳолда кунни кеч қилса ҳам, шундай бўлади. Агар бирини ранжитса, дўзахнинг бир эшиги очилади. Асло уларга қарши борманг, зулм ўтказган бўлсалар ҳам, ўтказмаган бўлсалар ҳам”; “Жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Ота-онасини ранжитган ва силаи раҳм қилмаган (яъни, бир-бирлари билан қон-қариндошлик алоқаларини узган) кимса унинг ҳидини сезмайди”; “Онанг, отанг,опанг.синглинг,аканг,укангга , сўнгра бошқа яқин қариндошларингнинг ҳаммасига яхшилик қил”. Ривоятга кўра, Аллоҳ таоло Мусога (алайҳиссалом) буюрди: “Ё Мусо, ким ота-онасига яхшилик қилса, Менга осий бўлса-да, уни яхшилар гуруҳига ёзаман. Ким Менга итоат этса-ю, аммо ота-онасини ранжитса, уни осийлар қаторида қайд этаман”. Бани Саламадан бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим керак бўлган яхшиликлардан бирор яхшилик қолдими?» деди. «Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар воситаси ила қилинадиган силаи раҳмни қилиш ва уларнинг дўстларини икром қилиш», дедилар». (Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.) Бу ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Барчамиз ота-она учун фарзандмиз, шундай экан уларни рози қилиш пайидан бўлишимиз керак. Оила қургандан сўнг айримлар ота-онасига нисбатан бепарвороқ бўлиб, ўз оиласи билан овуниб қолади. Бу жуда катта хатодир. Фарзанд доим ота-онасининг хизматида бўлишга интилиши, оиласидан ортиб уларга ҳам мурувват ва эътиборини кўрсатиши керак. Бу илоҳий амрдир. Ўз фарзандлик вазифангизни бажариб ота-онангизга эътибор кўрсатинг. Қиёмат куни ҳар бир фарзанд ота-онаси олдидаги фарзандлик бурчини бажаргани ҳақида сўроққа тутилади.Фарзанд онага яхшилик қилгандан сўнг, унинг яхшилигига иккинчи ўриндаги ҳақдор киши отаси бўлар экан. Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, фарзандлик бурчимизни чиройлик адо этсак, бу адо этилган бурчлар бизни жаннатга етаклайди. Ва бу яхшиликларни фарзандларимиз бизга қайтаради. Ота-оналаримизни ҳамиша дуоларини олиб яшайлик,зеро уларнинг дуоси – улуғ дуо. Аллоҳ таоло ота-оналаримизни Ўз паноҳида асраб, вафот этганларини раҳматига ғарқ этсин.