Maqolalar


Фарзанд тарбияси


Фарзанд тарбияси

Оила инсоният жамиятида азалдан муқаддас саналади ва оила муносабатларига алоҳида эътибор қаратилади. Оила қурганки эркагу-аёл солиҳ фарзанд кўришни орзу қилади. Ислом дини таълимотида фарзанд инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у омонат ҳамдир. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида шундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки,унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар(хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси,6-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтадиларки: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир” (Термизий ривояти). Миллат келажаги учун баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг барқарорлиги, ундаги соғлом муҳит энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Фарзандларимизни ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш,икки дунёда ҳам уларнинг бахту саодатини кўриш барчамизнинг эзгу ниятларимиздан биридир. Ҳозирги пайтда дунёдаги бузғунчи кучлар ва адашган тоифалар инсониятни кўпроқ ёш авлодни маънавий бўшлиғидан фойдаланиб , маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган бузуқ ғояларни синдиришга уринмоқдалар. Бунинг оқибатида эса купинча катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Ўтган асрда яшаб ўтган атоқли маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат: “Ким бадаҳлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган экан. Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзандни тарбиялаш, ҳар бир ота-онанинг бурчи экан, уларни ақлли, одобли, соғлом эътиқодли ҳалққа нафи тегадиган қилиб тарбиялаш керак бўлади. Уларни ёшлигидан илму-маърифатга ўргатиб боришда ота-она, оила, махалла, мактаблар мухим ўрин тутади. Фарзандларимизни яхши тарбия ва фойдали илму-хунар эгаллашлари учун барча шароит ва имкониятларни қилишимиз зарур. Аввало ота-онанинг ўзлари ибрат бўла олишлари керак бўлади.Зеро, инсон ўзида йўқ нарсани бировга беролмайди. Масалан, китоб ўқимаган ота-она фарзанди қўлига китоб тутолмайди. Ота-онасида гўзал ибратни кўрган фарзанд уларнинг насиҳатини оғир олмайди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Фарзанд билан етти ёшгача ўйна, унга фикри қабул қилинганини билдириб қўй. Бу услубнинг самараси кўп”,деган. Улар билан дўстларча муносабатда бўлиш уларни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга алданиб,эргашишдан асрайди. Фарзандларимиз оиласида алоҳида ўринга эга эканлигини ва қадрли эканини ҳис этсин. Оила аъзолари бир-бирлари билан рўзғордаги арзимаган ишларда ҳам аҳил-иноқ бўлиши, оилавий муаммоларни бошқалардан сир сақлаши, жипсликни сақлашни ўрганиб бориши зарур. Ота-она фарзандига бир вазифа буюриб, маъсулиятни юклаб, сўнг натижасига бепарво бўлмаса, бола бурчига садоқат ва жавобгарликни ўрганади. Фарзанд тарбиясида уларни нафслари хоҳлаган нарсаларни мухайё қилавермасдан, баъзан хоҳишларини қайтариб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди.Болаларнинг бир-бирларига нисбатан ҳасад қилмасликлари учун иложи борича бирдек адолатда бўлиш ҳам муҳим саналади. Аллоҳ таоло фарзандларимизни солиҳ-солиҳалардан бўлиб элу-юртга нафи тегадиган, икки дунёда ҳам қалбимизни ва кўзларимизни қувончи бўладиган зурриётлардан қилсин!



Зарафшон шахри бош имом хатиби: Комилжон Шодмонов.