Maqolalar


Ота онага яхшилик қилиш улуғ ибодат


Ота онага яхшилик қилиш улуғ ибодат

Ёлғиз ўзига ибодат ва ота-онага яхшилик қилишга буюрган оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ота-онага оқ бўлишдан қайтариб, уларга яхшилик қилишга чақирган, набийлар ва расулларнинг шарафлиси бўлган пайғамбаримизга, оилаларига ва саҳобаларига кўпдан-кўп салоту саломлар бўлсин. Ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш ва ҳакозо...... фарзандлик бурчларидандир. Ота-онанинг фазли жуда буюк, фарзанд устидаги ҳақлари улкан. Уларни эъзозлаш масаласида ҳеч бир тарбия воситаси Исломга тенг кела олмайди. Фарзандлар ота-онанинг Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча талаб-истакларини бажармоқлари лозим. Диний адабиётимизда ота-онага яхшилик қилиш “Биррул волидайн” дейилади. Шунинг учун ҳам Парвардигори олам Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида ота-онага яхшиликни Ўзига ибодат қилиш билан бирга зикр этади: “Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил) айт” (Исро сураси,23-24-оятлар); “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг!...” (Анъом сураси, 151-оят). Хозирги кунга келиб юқоридаги мавзу ўта долзарблашди. Зеро, Аллоҳнинг юқоридаги каби амрларини унутиб, ота-онасига азият бераётган ва хаттоки уларга қўл кўтараётганларни ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Таъкидлаш керак, “ота-онага оқ бўлиш” деганда уларнинг азбаройи безор бўлиб, чидай олмасдан “оқ қилдим”, дегани тушунилмайди. Бу жуда хатарли, нозик ишки, ота-онанинг кўнглини оғритиш, оз бўлсада азият етказиш билан фарзанд ўзи билмаган ҳолда оқ бўлиб қолиши мумкин. Шу жиҳатдан, аввало ўзимизга, сўнгра бошқаларга эслатма бўлиши учун саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан келтирамиз. Зеро, энг гўзал ваъз Сарвари оламнинг сўзларидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким умри узун, ризқи кенг ва баракотли бўлишини хоҳласа, ота-онасига яхшилик қилсин” , дедилар”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Набий алайҳиссалом: “Шаксиз уч дуо мустажобдир: мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандлари учун қилган дуоси”, дедилар. Бир воқеада келтирилади: Бир аъробий киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилиб, “Мен онамнинг ювош уловиман. Агар туя ундан қочса ҳам, мен ундан қочмайман. Улуғ Раббим Аллоҳ мендан рози Бўлсин деб онамни кўтараман”, деб шеър айтарди. Сўнгра у Ибн Аббосга юзланиб: “Онамни ҳақини адо қилдимми?” деди. Ибн Аббос: “Йўқ, Аллоҳга қасам, онанг сени туққан пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди”,деди. Ха, она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир.Агар фарзандидан бир айб ўта, она кечиради ва боласини жазоламаслик йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлаб, уларга ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди. Ота ҳақида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким отасига ғазаб билан четни кўрсатса, у яхши қилмабди”, дедилар. (“Мажмаи завоид”,28-жилд). Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши билан бир чол келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой, ёнингдаги ким?” дедилар. У: “Отам”, деди. Шунда: “Олдинда юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳақоратлама”, дедилар.(“Мажмаи завоид”,28-жилд). Ота – онага яхшилик қилиш уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этади. Ота-онасидан айрилган баъзи саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ота-онага вофотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинми ёки йўқми экани тўғрисида саволлар берганлар. Абу Усайддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. У зот: “Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш; улар учун мағфират сўраш; уларнинг аҳдига вафо қилиш; уларнинг дўстларини ва сенга уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”,дедилар. (Бухорий “Адаб”да ривоят қилган). Демак, фарзанд ота-онаси тириклигида уларни розилигини олиб, хизматларини қилиб, улар вафот этгандан кейин ҳам, тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан. Аллоҳ таоло барчамизга ота-оналаримизни тириклик чоғида Ўзи ва Расули буюргандек хизматларини қилиб, розилигини олиб қолишни ва ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишни насиб этсин! Зарафшон шахри бош имом хатиби: Комилжон Шодмонов.




Notice: Undefined index: avtor in /var/www/x_u_4115/data/www/zarafshon-jome.uz/maqola_ichi.php on line 50