Maqolalar


Номаълум байроқ остига чақирувчи даъватчилар


Номаълум байроқ остига чақирувчи даъватчилар

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин! Оламларга раҳмат қилиб юборилган ва ҳар ишда ҳикмат бўлган Расули саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига қиёмат кунига қадар давом этадиган салавоту саломлар бўлсин! Набий (алайҳиссалом) баъзи кишиларнинг динда етарли маълумотга эга бўлмаган ҳолда, динда ғулувга кетиши жуда хавфли ҳолат эканидан қаттиқ қўрққанлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилиб, айтилади: “Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилдилар: Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тик тургандан яхшидир. Юрувчи эса унда югурувчи (яъни югириши сабабли фитнани алангалантириб юборувчи) кишидан яхшироқдир.Ким фитнага қарши турса, фитна ҳам унга қаршилик қилур. Ким (фитнанинг ёмонлигидан) паноҳ топса,(ўша ерга)қочсин!”(3601-ҳадис). Хозирда ижтимоий тармоқларда “Абдуллоҳ Зуфар”, “Абу Салоҳ” ва шу каби бир қанча кимсалар ўзлари қуролли тўқнашувлар кетмаётган давлатларда ўтириб олиб, ўзларини ғаразли мақсадларига эришиш ниятида “ҳижрат”,”жиҳод” тушунчаларидан хўрак сифатида фойдаланиб асосан ёшларимизни умрларига зомин бўлмоқда. Қўштирноқ ичидаги бу даъватчиларнинг “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган ўсмир-ёшларимизнинг “жиҳод” – уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлари билан террорчилар сафига бориб қўшилмоқда. Маълумки “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзи англатади. Асли энг афзал жиҳод инсон ўз нафсини енгишидир.Шу масалада Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавоий нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган. Эслатиб ўтганимиз юқоридаги қўштирноқ ичидаги даъватчиларнинг нотўғри чақириғи билан уммат бошидан кечираётган фитналарнинг аксарияти шариатни татбиқ қилиш, халифалик давлати, амри маъруф ва наҳйи мункар, жиҳод ва бошлиқларга итоат қилиш каби шариат тушунчаларининг инсонлар онгида нотўғри шаклланишига сабаб бўлмоқда. Ачинарли жиҳати шуки, юқоридаги қўштирноқ ичидаги даъватчилар “жиҳод” ҳақида оғиз кўпиртириб маъруза қиладилар-у, ўзларининг жонлари ширинлик қилиб, уруш бўлаётган ҳудудларга асло қадам босмайдилар. Аммо, мусулмонларнинг жондан азиз фарзандларини эса ўқлар ёмғири остига йўлламоқда. Нима учун ўзлари жанг майдонларига бормаётгани ҳақидаги саволларга, гўёки қалам тебратиш орқали “жиҳод” қилаётганини баҳона қилиб кўрсатишмоқда. Шундай экан келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни “Абдуллоҳ Зуфар” “Абу Салоҳ” ва булар каби “ҳижрат”,”жиҳод” тушунчаларидан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб , ижтимоий тармоқларда “қармоқ” ташлаб ўтирган, юзлаб мусулмонларнинг умрини ҳазон бўлишига сабабчи бўлаётган хоинлардан эҳтиёт қилишимиз лозим. Зеро, фарзандларимиз Аллоҳ таолонинг наздида энг оғир гуноҳ бўлган инсон қонининг тўкилишига сабаб бўлиб қолмасин.Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат куни бандалардан сўраладиган савол-жавобнинг биринчиси ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур”. Аллоҳ таоло инсон умрининг қадрини ёлғиз Ўзига имон келтириш билан тенглаб бундай марҳамат қилади: “Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар” (68-оят). Ислом дини бировга тажовуз қилиш, озор етказишни буткул қоралайди.Бу каби зўравонликларнинг барча тур ва шаклларидан фойдаланиш қатъий таъқиқланган.Динимиз бундай ишларни ҳаром қилиш, зўравонлик қиладиган, азоб берадиган шахсларни лаънатлаган. Бу бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни , хоссатан ёшларимизни номаълум байроқ остига адашиб бориб қолишидан асрасин. Азиз умримизни икки дунёимиз учун манфаатли амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Зарафшон шахри бош имом хатиби: Комилжон Шодмонов.




Notice: Undefined index: avtor in /var/www/x_u_4115/data/www/zarafshon-jome.uz/maqola_ichi.php on line 50